Paynet биринчи чоракда қарийб 110 млрд сўм соф фойда олди

25.04.2025 11:04

212

"Paynet" АЖ 2025 йилнинг биринчи чорагида 108,6 млрд сўм соф фойда олгани маълум бўлди. Бу ўтган йил мос даврига нисбатан 70 фоизга ёки 44,7 млрд сўмга кўпроқдир. Шунингдек, чорак давомида компания устав капиталини 10,5 млрд сўмдан 558 млрд сўмгача оширган.

Фото: Bankers.uz

"Paynet" АЖ 2025 йилнинг биринчи чораги бўйича молиявий натижаларни очиқлади. Унга кўра, компания уч ойда 108,6 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70 фоизга ёки 44,7 млрд сўмга кўпроқдир.

Шунингдек, чорак давомида компания активлари 570 млрд сўмга ёки 67,7 фоизга ошиб, жами 1,4 трлн сўмни ташкил қилди. Финтех компаниянинг устав капитали 10,5 млрд сўмдан 558 млрд сўмгача оширилган.

Аввалроқ, Paynet компанияси қўшимча 547,6 млрд сўмлик (тахминан 42,5 млн АҚШ долларлик) қўшимча акциялар чиқариш орқали ўз устав капиталини ошираётгани ҳақида ёзгандик. Мазкур амалиёт компаниянинг яқинда HUMO тўлов тизимини 65 млн АҚШ долларига сотиб олгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги қайд этилганди.

Январь-март ойларида Paynet'нинг мажбуриятлари 86 млрд сўмга ёки 16,3 фоизга камайган. Шу билан бирга, компания харажатлари 88,5 млрд сўмга ошган. Хусусан, реализация харажатлари 67,8 млрд сўмга ошган бўлса, маъмурий харажатлар 6 млрд сўмга ортган.

Маълумот учун, Paynet 2024 йилда 282 млрд сўм соф фойда олганди.


Теглар:

#paynet#соф_фойда

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган