Оператив маълумотларга* кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон тижорат банклари 3 трлн 419 млрд сўм соф фойда олди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1 трлн сўмга ёки 41,7 фоизга кўпроқ ҳисобланади.
Энг кўп соф фойда олган 10 та банкнинг 3 таси давлат банкларидир. Хусусан, Ўзмиллийбанк ва Ўзсаноатқурилишбанк энг кўп соф фойда олган банклар ҳисобланади.
Давлат банклари
Давлат улуши мавжуд банклар 2025 йилнинг илк чорагида 1 трлн 244 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 685 млрд сўмга ёки 122,7% фоизга кўпроқ деганидир. Давлат банкларининг барчаси чоракни фойда билан якунлаган.
Юқорида айтилганидек, барча банклар (шу жумладан давлат банклари) орасида энг кўп соф фойдани Ўзмиллийбанк (468 млрд сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (404 млрд сўм) олган.
2024 йилнинг мос даври билан таққослаганда учта банк соф фойдасида сезиларли пасайиш кузатилган. Булар Агробанк (-49,4%), Асакабанк (-75,8%) ва Туронбанклар (-38,2%) ҳисобланади.
Шунингдек, фоиз ҳисобида Алоқабанк (+381%), Микрокредитбанк (+277%) ва Бизнесни ривожлантириш банкида (+150%) ижобий ўсиш қайд этилган.
Маълумот учун, Бизнесни ривожлантириш банки 2024 йил биринчи чорагини 394 млрд сўм зарар билан якунлаганди. 2025 йилнинг илк уч ойини эса банк 196 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда билан тугатди.
Бошқа банклар
Давлат назоратида бўлмаган банклар январь-март ойларида жами 2 трлн 174 млрд сўм соф фойда олган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,3 фоизга ёки қарийб 321 млрд сўмга кўпроқдир.
Давлат улуши бўлмаган банклар орасида соф фойда бўйича Hamkorbank (393,4 млрд сўм), Орент Финанс банк (282,1 млрд сўм) ва Ипак Йўли банклари (280,4 млрд сўм) етакчи бўлган. Капиталбанк (276,4 млрд сўм) ҳамда Трастбанк (200,8 млрд сўм) ТОП-5'таликдан ўрин олган.
2024 йилнинг мос даври билан солиштирганда фойданинг энг юқори ўсиши ANORBANK'да (+958,8) кузатилган. Банк 1-чоракни 117 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда билан тугатган ва бу ўтган йил мос даврига нисбатан 10 баробарга кўпроқдир.
Шу билан бирга, Octobank (+397,5%) ҳамда Uzum Bank (+361,6%) натижаларида ҳам эътиборга молик ўсиш юз берган. 2024 йилнинг шу даврини 11 млрд сўмдан кўпроқ билан зарар билан якунлаган Hayot Bank, 2025 йилнинг илк чорагида 17 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда олишга эришган.
Шунингдек, банкларининг олтитаси йилни зарар билан якунлаган. Улар орасида 2024 йилнинг биринчи кварталини 3,6 млрд сўмдан кўпроқ соф фойда билан тугатган Ипотека банк ҳам бор. Банк чорак давомида 30,7 млрд сўмдан кўпроқ зарар кўрган.
Ипотека банкдан ташқари яна бешта банк - Yangi Bank, Garant bank, Apex bank, AVO Bank ва Евроосиё банклари ҳам чоракни молиявий зарар билан якунлаган.
Барча банкларнинг 2025 йилнинг илк чорагидаги молиявий натижаси ҳамда ўтган йилнинг мос даври билан динамикасини қуйидаги инфографика орқали кўриш мумкин.
Инфографика: Bankers.uz
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистон тижорат банклари 6,96 трлн сўм соф фойда олган эди.
__________
* Мазкур маълумотлар банкларнинг тегишли ҳисобот маълумотлари асосида йиғиб чиқилган. Маълумотларда хатолик аниқланган тақдирда таҳририятга мурожаат қилишингиз сўралади.