Дияров Ислам Темурович "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими) бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилинди.
"HUMO" раҳбарининг янги ўринбосари Ислам Дияров 1995 йилда Тошкент шахрида туғилган. 2017 йилда Тошкентдаги Вестминстр халқаро университетини таъмомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги: бизнес информацион системалар дастурчиси.
Меҳнат фаолияти мобайнида 2017-2018 йилларда “Click” масъулияти чекланган жамияти дастурий таъминот ишлаб чиқувчиси сифатида ишлаган. 2018-2019 йилларда “Ягона Халқаро Процессинг Маркази” (GlobUz)да пластик карталар эмиссияси етакчи мутахассиси фаолият олиб борган.
2019 йилдан “Миллий банклараро процессинг маркази”да эмиссия гурухи бош мутахассиси лавозимида иш бошлаб, 2022 йилдан тайинловгача компания эмиссия ва эквайринг бошқармаси бошлиғи бўлиб фаолият олиб борган.
Шунингдек, ягона акциядор қарорига кўра, Рахмонов Кулдошбек Махмудович компания бошқаруви аъзолигидан чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида HUMO" тўлов тизимига янги раҳбар тайинланган эди. 2023 йил сентябрь ойидан буён "Octobank" АЖ бошқарув раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Алексей Максимов "Миллий банклараро процессинг маркази" АЖ (HUMO тўлов тизими) бошқаруви раиси лавозимига тайинланди. У тўлов тизимини 6 йилдан кўпроқ вақт бошқарган Шухрат Курбанов ўрнини эгаллаганди.
Маълумот ўрнида, 2025 йил бошида "HUMO" тўлов тизимидаги 100 фоиз давлат улушини "Paynet" АЖ 65 млн АҚШ долларига сотиб олганди.