Tошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 427,7 млн сўмлик кредит маблағларини ўзлаштириб юборган ҳоким ёрдамчиси ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, ҳоким ёрдамчиси М.Ф. кредит маблағларини ажратишда 20 нафар фуқарога электрон тарзда берилган тавсияномаларга асосан қабул қилиб олинган электрон калитлардан фойдаланган.
У мазкур кредит маблағларини оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, жумладан, эҳтиёжманд оила аъзоларининг ҳунармандчилик, касаначилик, томорқадан самарали фойдаланиш, кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа турдаги фаолияти йўлга қўйилишини ташкиллаштирмасдан, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Шунингдек, М.Ф. ўзининг қариндошлари ва бошқа 5 нафар фуқарога маҳалла ҳудудида яшамаган бўлсада, қалбаки тавсияномалар орқали жами 207,7 млн сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Ўтган йил давомида турли манбалар орқали хабар берилган маълумотларга кўра, республиканинг 9 та ҳудудида ҳоким ёрдамчилари кредит ажратиш билан боғлиқ турли жиноятларга қўл урган. Ҳоким ёрдамчилари томонидан йил давомида талон-торож қилинган кредитлар жами миқдори 4 млрд сўмдан ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Bankers.uz'да 2024 йил давомида ҳоким ёрдамчилари томонидан талон-торож қилинган кредитлар ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинган эди.