Қозоғистонда бир вақтнинг ўзида тўртта банк – Halyk Bank, Евросиё банки, Нурбанк ва ВТБ Банк мамлакат норезидентларига тўлов карталарини чиқаришни тўхтатди, деб хабар бермоқда “Интерфакс Казахстан”.
Ўтган ҳафтада Қозоғистоннинг етакчи банклари – Kaspi Bank ва Home Credit Bank ҳам фуқаролиги бўлмаганлар учун банк карталари беришни тўхтатиш бўйича қарор қабул қилганди.
Halyk Bank ва Евросиё банкининг call-марказ операторлари норезидентларга хизматлар тўхтатилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган. ВТБ Банкнинг Қозоғистондаги шўъба корхонаси қўллаб-қувватлаш хизмати эса мазкур чеклов техник муаммолар билан боғлиқлигини маълум қилган. Шунингдек, Нурбанк ҳолат сабаби техник ишлар билан боғлиқлигини кўрсатган. Бироқ, ҳар икки банк хизмат қачондан қайта тикланиши бўйича маълумот бермаган.
Аввалроқ Қозоғистон Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги норезидентлар учун тўлов карталарининг амал қилиш муддатини 12 ойгача чеклаб, банкларга норезидент мижозларнинг ҳужжатларини текшириш мажбуриятини юклаган эди. Ушбу чора-тадбирлар банк хизматларидан ноқонуний фойдаланиш хавфини камайтиришга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ноябрида тенге қадрсизланиши фонида Қозоғистон Миллий банки асосий ставкани оширганди.